Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 октябрь куни «Давлат тили ҳақида"ги (1989 йил 21 октябрь) қонуннинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.

«Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир», — дейилади ҳужжатда.

Қарорда қайд этилишича, мазкур тарихий ҳужжатга биноан ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида — давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.

«Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи — миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди», — дея қайд этилади ҳужжатда.

Қарор билан қонун қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади.

Ушбу санага бағишланган байрамона тадбирлар мамлакатдаги барча шаҳар ва туманларда ўтказилади. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танлови ўтказилади. Мамлакатдаги театрлар ва кинотеатрларда, маданият саройларида буюк алломалар ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиши ташкил этилади.

«Ўзбек тили тараққиёти ва халқаро ҳамкорлик масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда «Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари» мавзусида республика конференцияси ўтказилади.

21 октябрь куни ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийга Тошкентдаги Миллий боғда, шунингдек, вилоят ва шаҳарларда ўрнатилган ҳайкаллар пойига гул қўйиш маросими уюштирилади.

мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирларини ўтказсин ва «Ўзбек тилининг дўстлари» клубларини тузсин;

Мамлакатнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирларини ўтказилади ва «Ўзбек тилининг дўстлари» клублари тузилади.