30 сентябрь куни Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ЮНЕСКО рўйхатига киритилган ҳудудлардан ташқари Самарқанд шаҳридаги ер участкалари меҳмонхоналар қуриш учун «E-IJRO AUKSOIN»да электрон онлайн-аукцион орқали жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этилади.

Шунингдек, 2019−2021 йиллардахусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда шаҳарнинг «Университет ҳиёбони», И. Каримов, А. Навоий ва Пушкин кўчаларида туризм инфратузилмаси ташкил этилади.

Қарорга кўра:

  • «Боғи баланд» ва «Боғи Шамол» боғлари жойлашган жойни аниқлаш орқали қайта ташкил этилади ва тарихий қиёфаси қайта тикланади;
  • «Шероз қалъа» , «Добуссия», Ревдат шаҳарчаси — Кофир қалъа, Афросиёб шаҳарчасидаги археологик ёдгорликлар ЮНЕСКО билан келишган ҳолда реставрация қилинади;
  • археологик ёдгорликлар ҳудудида «очиқ осмон остидаги» музейлар ташкил қилинади ва ташриф буюрувчиларни электрон ҳисобга олиш тизими жорий этилади.

1 октябрдан бошлаб, туризм мавсуми давомида (март-ноябрь) «Регистон» комплекси ҳар куни соат 7:00 дан 24:00 гача ишлайди.