Бугун эрталаб соат 8:55 дан 13:40 гача Тошкент вилояти Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига 15 нафар боғча ёшидаги болалар олиб келинган, дея хабар қилди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. Ҳолсизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши, қоринда оғриқ, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиш белгилари бўлган болалар зудлик билан мутахассис шифокор кўригидан ўтказилиб, «ўткир диарея» ташхисига гумон қилиниб шифохонага ётқизилган.

Маълум бўлишича, мурожаат қилувчилар Бекобод шаҳар 15-мактабгача таълим муассасасининг тарбияланувчилари ҳисобланади. Айни пайтда шифохонанинг малакали мутахассислари томонидан беморлардан умумий лабаратор таҳлил намуналари олиниб, туман ДСЭНМга юборилган.

Барча беморлар шифокорлар томонидан чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли тавсиялар берилган. Беморларни даволаш ишлари қатъий назоратга олиниб, етарли даражада дори-дармонлар билан таъминланган.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида болаларнинг умумий аҳволи яхшиланди, шифокорлар даволаш ишларини олиб бормоқда.

Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур ҳолат қатъий назорат остига олинган.