Санкт-Петербург Тергов қўмитаси икки нафар Ўзбекистон фуқаросига қарши Петродворцовий тумани йўл-патрул хизмати ходимига ҳужум қилганлик ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатди, дея хабар қилди маҳкама матбуот хизмати.

ЙПХ ходими 9 сентябрь куни Ропшинское шоссесида ҳужжатларни текшириш учун «Газель» автомобилини тўхтатади. Йўловчилар — икки нафар Ўзбекистон фуқаросида — ҳужжатлар бўлмаган, уларга вазиятга ойдинлик киритиш учун полиция бўлимига бориш таклиф қилинади. Келиб чиққан можаро вақтида улардан бири полиция ходимига тан жароҳатлари етказади.

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси ҳодиса ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. «Ҳайдовчи ва бир йўловчи қўлга олинган. Учинчи иштирокчини қидириш ва қўлга олиш чоралари кўрилмоқда», — дея қайд этди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Полиция ходими тиббий ёрдам кўрсатилиши учун шифохонага ётқизилган. Ҳозирда гумондорга эҳтиёт чорасини қўллаш ва айблов эълон қилиш масалалари ҳал этилмоқда. Жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Бош консулхонаси вазиятни назоратга олган ва Санкт-Петербург тергов органлари билан амалий алоқаларни ўрнатган.