Президентнинг 11 сентябрдаги қарори билан Сарвар Наджимович Бабаходжаев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Шу муносабат билан, Сарвар Бабаходжаев Халқ таълими вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Сарвар Бабаходжаев (1978 й. т.) — Тошкент давлат техника университети (1998) ва Япония халқаро университети (2002) битирувчиси.

2016−2018 йилларда Тошкентдаги Инҳа университети ректори, унгача ушбу ОТМнинг академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари билан ишлаш бўлими бошлиғи ҳамда маъмурий масалалар бўйича бош менежер лавозимларида ишлаган.

2014−2015 йилларда Innovative initiatives institute нодавлат таълим муассасаси директори ва маслаҳатчиси, 2009−2014 йилларда — Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти молия бўлими ва маъмурияти бош менежери бўлиб ишлаган.

2017 йилдан «Ўзбекистон-Корея Республикаси» дўстлик жамияти бошқаруви раиси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, янги агентлик президент Шавкат Мирзиёевнинг 9 сентябрдаги қарори билан ташкил этилган эди.