2019 йил 10 сентябрь куни соат 04:00 ларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтувчи А-373 М-39 «Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон орқали-Ўш» автомобиль йўли 173-километрининг «Облиқ» темир йўл станциясидан Олмалиқ КМКнинг Кон бошқармасига қарашли «Ангрен Олтин саралаш фабрикаси»га олиб борувчи темир йўл шахобчасининг (подъездной путь) кесишмасида автотранспорт воситалари ва юк ташиш поездининг тўқнашиши оқибатида ЙТҲ содир бўлган. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.

«Тошкент-Водий» йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган «САМС» русумли давлат рақами 01 506 CGA юк машинаси Ангрен шаҳар ҳудудидан ўтувчиА-373 М-39 «Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон орқали-Ўш» автомобиль йўлининг 173 кмда ҳайдаб кетаётиб, юк вагонларни тортиб кетаётган тепловознинг 8-вагонига урилган. Натижада вагонларнинг 2 таси изидан чиқиб кетиб, қарама-қарши йўналишда турган «Дамас» русумли, д/р 50 W 363 MAN автомобилини босиб қолган.

Натижада, «Дамас» автомобилда бўлган 5 нафар фуқародан 2 нафари воқеа жойида вафот этган, 3 нафари тан жароҳати олиб, Ангрен шаҳар марказий шифохонасига ётқизилган. Шунингдек, «САМС» русумли автотранспорт воситаси ҳайдовчиси ҳам тан жароҳати билан ушбу шифохонага ётқизилган.

Содир бўлган ЙТҲ юзасидан дастлабки терговолди текширув ишлари олиб борилмоқда.