Жорий йилнинг бошида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ҳудудлардаги тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг (ТМЭК) фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда ногиронликни белгилаш билан боғлиқ фаолиятини таҳлил қилган эди. Ўшанда даволаш-профилактика муассасаларида мутахассислар ва тиббий ускуналар етишмаслиги, қонунчиликдаги ноқисликлар, ногиронлик гуруҳларини расмийлаштиришдаги ҳуқуқбузарликлар ва ортиқча сансалорликлар аниқланган эди.

Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг давлат гранти доирасида Тошкентдаги ТМЭКларнинг ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ҳаракатланиши чекланган бошқа гуруҳлари учун қанчалик мослаштирилгани бўйича мониторинг ўтказди. Мазкур мониторингни самарали ўтказиш учун Уюшма томонидан 19 та асосий мезон белгилаб олинди.

Олтита туман ва туманлараро тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари, жумладан Тошкент ТМЭКнинг мослаштирилганлик бўйича мониторинги якунлари аввал аниқланган муаммолар билан бир қаторда, ногиронликнинг турли шакллари бўлган одамлар кўплаб тўсиқларга тўқнаш келаётгани, ТМЭКлар биноларининг тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда ногиронликни белгилаш учун мослаштирилмагани ва яроқсизлигича қолаётганини кўрсатди.

YouTube орқали томоша қилиш

Ногиронлиги бўлган одам қандай қилиб асосий ТМЭКка етиб боради?

Тошкентнинг асосий тиббий-меҳнат эксперт комиссияси тўрт қаватли бинонинг иккинчи қаватида жойлашган. Бу ерда бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Яккасарой туман бўлими ҳам ўрин олган. Бинога кириш ностандарт пандус билан жиҳозланган, лифт мавжуд эмас, ногиронлик аравачаси фойдаланувчиси тик зинапоя орқали кўтарила олмайди.

«Мазкур муассаса ногиронлиги бўлган шахсларнинг мунтазам ташриф буюриши учун мўлжалланган, бироқ у улар учун мослаштирилмаган ва ноқулайлигича қолмоқда», — деб таъкидлайди Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси раиси, мониторинг жараёнига раҳбарлик қилувчи Ойбек Исоқов.

Бундан ташқари, пойтахтнинг асосий тиббий-меҳнат эксперт комиссияси мослаштирилганлик бўйича қолган талабларга ҳам жавоб бермайди. Масалан, ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситалари туриши учун махсус жой ажратилмаган. Иккинчи қаватдаги ҳожатхона фойдаланиш учун яроқсиз — унитаз полга ўрнатилган, тор кабинада зинапоялар орқали унга кўтарилиб бориш зарур.

Тошкент вилоят тиббий-меҳнат эксперт комиссиясида вазият янада ачинарли. Бинога киришда пандус мутлақо ўрнатилмаган. Ногиронлиги бўлган одам бинога кириб олган тақдирда ҳам, у иккинчи қаватдаги ТМЭК мутахассислари хоналарига кириш учун яна бир тўсиқ — тик зинапоядан кўтарилиши керак. Наҳотки ногиронлиги бўлган одамларни биноларнинг биринчи қаваларида қабул қилишнинг имкони бўлмаса?!

Учепа туманлараро ТМЭКдаги квест

Мониторинг гуруҳининг Учтепа туманлараро ТМЭК биносига етиб боришигача бўлган йўлни энг мураккаб фэнтези квестига қиёслаш мумкин. Ушбу туман ТМЭК мавзе ичкарисида жойлашган бўлиб, унга етиб бориш учун қарийб бир километрлик жиҳозланмаган, ўйдим-чуқурликларга тўла йўлни босиб ўтиш талаб қилинади. Бундай машаққатга бой йўлни ногиронлиги бўлган одамлар, кексалар ва аҳолининг кам ҳаракатланувчи бошқа гуруҳларини қўя туринг, ҳатто етти мучаси соппа-соғ бўлган киши ҳам қийинчилик билан босиб ўта олади.

Подъезд кириши ҳамда ногиронлиги бўлган одамлар машиналари учун махсус тураргоҳ мавжуд эмас. Икки қаватли турар-жой биносининг биринчи қаватида жойлашган ТМЭКни топиш учун мумкин бўлган бирорта ҳам кўрсаткич ёки пешлавҳа ўрнатилмаган. Шаҳар ва вилоят ТМЭКларида бўлгани каби, Учтепа ТМЭКда ҳам ҳожатхона ногиронлиги бўлган одамлар учун мўлжаллаб жиҳозланмаган.

«Уч хонали квартирада Учтепа ва Чилонзор туманлари тиббий-меҳнат эксперт комиссияси жойлашган, ушбу туманларда эса ўн тўрт минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар яшайди. Тасаввур қилаяпсизми? Учта хона…» — дейди Ойбек Исоқов.

Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси Мирзо Улуғбек ва Сергели туманлараро ТМЭК, шунингдек, Шайхонтоҳур, Олмазор ва Юнусобод туман ТМЭКларининг ҳам мослаштирилганлик мониторингини ўтказди. Мониторинг натижалари туман ТМЭКлари биноларининг жисмоний жиҳатдан ҳаммабоплиги қониқарли даражада эмаслиги, айни пайтда, сезги бузилишлари бўлган одамлар учун ҳам қулайликлар яратилмаганини кўрсатди.

Олмазор туманидан ташқари, барча ТМЭКларда ногиронликни белгилашда эшитиш бўйича ногиронлиги бўлган одамлар учун асосий қулайлик талабларидан ҳисобланган имо-ишора таржимони хизмати тақдим этилмайди. Эҳтимол, бу Олмазор туманида Ўзбекистон карлар жамиятининг барча инфратузилмаларга эга «карлар шаҳарчаси» жойлашгани билан боғлиқдир. Бироқ карлар ва заиф эшитувчи одамлар шаҳарнинг бошқа туманларида ҳам истиқомат қилади ва улар бошқа туман ТМЭКларига бириктирилган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, ТМЭКлар томонидан бериладиган барча ҳужжатлар, жумладан ногиронлик гувоҳномаси Брайл шрифтидаги маълумотлар мавжуд бўлмагани боис кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун ўқишга яроқсиз. Масалан, ногиронлик гувоҳномасида ТМЭК экспертлари ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ва касбий реабилитацияга оид ўз тавсияларини беради. Бироқ бу ёзуларни кўрмайдиган ва заиф кўрувчи одамлар ўқий олмайди.

Бирорта ҳам ТЭМК биносида ногиронлиги бўлган одамлар учун мўлжалланган ҳожатхона ёки умумий ҳожатхоналардан ҳеч бўлмаса битта кабинани топишнинг имкони бўлмади. Қайд этиш зарурки, таянч-ҳаракат аппарати бузилишлари бўлган одамлар, кексалар ва аҳолининг кам ҳаракатланувчи бошқа гуруҳлари полга ўрнатилган унитаздан («Генуя» чаноқлари) фойдалана олмайди — ҳамма ҳам тиззаларини букиб ўтиролмайди.

Мирзо Улуғбек туманлараро ТМЭК биносига кириш: панжарасиз қарийб 45 даражали яроқсиз пандус, балан остона ва тор пешайвон. Фото: Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси.

Мирзо Улуғбек туманлараро ТМЭКдаги ҳожатхонанинг аҳволи. Фото: Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси.

Шайхонтоҳур туман ТМЭК кириши пандус билан жиҳозланмаган. Фото: Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси.

Олмазор туман ТМЭК кириши бирмунча яроқли: пандус тахминан 15 даража, панжараси бор, қоплама сирпанчиқ эмас. Фото: Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси.

Бироқ Олмазор туман ТМЭК ҳожатхонаси ногиронлиги бўлган одамлар фойдаланиши учун мутлақо яроқсиз — унитаз полга ўрнатилган, унга баланд зинапоялар орқали чиқилади. Фото: Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси.


Юнусобод туман ТМЭК ҳожатхонасидаги полга ўрнатилган унитаз. Фото: Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси.

Туманлар ва шаҳар ТМЭКлари ногиронлиги бўлган одамлар учун бориш қийин бўлган бино ва иншоотларга қасддан жойлаштирилган, деган таассурот уйғонади. ТМЭКларнинг ҳаммабоп эмаслиги Ўзбекистонда ногиронликнинг қанчалик тарқалганлигига етарлича баҳо берилмаслигига қўшимча омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.

ТМЭК органларида жисмоний жиҳатдан имкониятлар ва мантиқли қулайликларнинг яратилмагани бюрократия ва ортиқча сансалорликлар билан умумий яхлитликда ногиронлик гуруҳлари ҳамда ижтимоий нафақаларни олишда турли тўсқинликларни яратиши мумкин.

Ва бу пойтахтдаги ТМЭКлар мослаштирилгани мониторинги якунлари холос. Ҳудудлардаги ТМЭКлардаги ногиронлиги бўлган одамлар учун қулайликлар даражасини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди…

Муллиф фикри таҳририят фикри билан мос келмаслиги мумкин.

Дилмурод Юсупов

Сассекс университети (Буюк Британия) Ривожланиш муаммоларини ўрганиш институти докторанти, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси.