Бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектлар ҳудудларидаги тўхтаб туриш жойларида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситалари тўхтаб туриши учун ажратилади. Бу «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг автотранспорт воситаларидан фойдаланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарорида кўзда тутилган, дея хабар қилди Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Газета.uz"га.

Жойлар тураргоҳ умумий майдонининг камида 5 фоизини (камида 2 та жой) эгаллаб, тўхтаб туриш жойларининг кириш ва чиқишга қулай ўрнида жойлашган бўлиши лозим.

Тўхтаб туриш жойларидан узоқ ва ноқулай жойда жойлашган объектлари атрофида ногиронлиги бўлган шахсларга тегишли автотранспорт воситалари учун вақтинчалик тўхтаб туриш жойлари ташкил этилади. Бундай жойларда «5.15. Тўхтаб туриш жойи» ва «7.17. Ногиронлар» йўл белгилари билан таъминланади.

Сингапурда ногиронлиги бўлган шахслар транспортига мўлжалланган жой. Фото: «Газета.uz».

Қарорда тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, «Ногиронлиги бўлган ҳайдовчи бошқарувидаги автомобиль» белгиси билан фарқ қилувчи шахслар ва 16 ёшгача ногирон боласи бўлган ота-оналардан ногиронликни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳолатда ҳақ олинмаслиги белгилаб қўйилди.

Ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситалари учун мўлжалланган жойдан бошқа шахсларнинг фойдаланишига жавобгарлик белгиланиши режалаштирилган.

Қарор билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг фойдаланиши учун республикада ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни махсус ускуналар билан қайта жиҳозлаш мазкур шахсларнинг буюртмаларига асосан «GM Uzbekistan» расмий дилерларининг ихтисослаштирилган сервис марказлари орқали амалга оширилиши белгиланди. «Ўзавтосаноат» компаниясига 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда «GM Uzbekistan» расмий дилерларини зарур восита ва ускуналар билан таъминлаш вазифаси юкланмоқда.

Ўтган йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон президенти «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонини имзолаган эди. Ушбу ҳужжатда қайд этилишича, транспорт воситалари ҳайдовчилари — ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш учун тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари ташкил этилади. Бундан ташқари, келгусида ишлаб чиқариладиган миллий енгил автомобиллар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилган ҳолда махсус ускуналар билан қайта жиҳозланади.