30 август куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саидикрам Ниязходжаев, Манғистау вилояти ҳокими Серикбай Трумов, бош консул Нодиржон Турғунов иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Нутқ сўзлаганлар таъкидлаганидек, Ақтау шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонасининг очилиши олий даражадаги Ўзбекистон-Қозоғистон мунтазам алоқалари давомида эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим қадам бўлди ҳамда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга имкон беради.

Ўзбекистон Мустақиллигининг 28 йиллигига ҳамда янги дипломатик ваколатхонанинг очилишига бағишланган расмий маросим ва қабулда Эрон, Озарбайжон, Туркманистон ва Туркиянинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхоналари раҳбарлари, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда ўзбек, қорақалпоқ энтик-маданий уюшмалари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тақдимоти ташкиллаштирилди.

31 август куни Бош консулхонада Ўзбекистондан Манғистау вилояти бозорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиш бўйича амалий музокаралар бўлиб ўтди ҳамда 2,5 млн АҚШ доллари миқдорида дастлабки келишувга эришилди.

Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси қуйидаги манзилда жойлашган: 130000, Қозоғистон, Ақтау шаҳри, 30-микрораён, 83/1-уй, телефонлар: +77292777117, +77775990050, +77775990051.

Ақтау шаҳридаги Бош консулхонанинг консуллик округига Қозоғистоннинг Ақтўбе, Атирау, Манғистау ва Ғарбий Қозоғистон вилоятлари киради.