Ўзбекистон Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан 8 ой давомида ўтказилган профилактик ишлари натижасида 14684 та бино ва иншоотларда ёнғин келиб чиқиш хавфи олди олинган, дея хабар қилди ДЁХБ матбуот хизмати. Содир бўлган ёнғинларни ўчириш вақтида кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида 27 нафар инсонлар қутқарилган, 462 бош уй хайвонлари, 99 хил техникалар, 182 млрд сўмдан зиёд бино ва иншоотлар қурилмалари ва 78 млрд сўмдан ортиқ моддий бойликлар сақлаб қолинган.

Республика ҳудудида жами 7439 та ёнғин қайд этилиб, ушбу ёнғинларда 76 нафар инсон ҳалок бўлган ва 208 нафар киши тан жароҳати олган. Жами содир бўлган ёнғинларнинг 68,7 фоизи аҳоли яшаш жойларида, 12,6 фоизи тадбиркорлик субъектлари объектларида, 5,7 фоизи транспорт воситаларида ва 1,6 фоизи давлат тасарруфидаги объектларида юзага келган.

Ёнғинларнинг 37,9 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 30,4 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларини бузилиши, 12,2 фоизи иситиш печларининг носозлиги ёки улардан нотўғри фойдаланиш, 9,4 фоизи болаларнинг шўхлиги ва 4,1 фоизи транспорт воситаларидан фойдаланиш ва тузилиши қоидаларининг бузилишидан содир бўлган.

Шунингдек, фуқароларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлашга оид билим кўникламаларига эга бўлиб бориши натижасида 2019 йилнинг ўтган 8 ойи давомида содир бўлган ёнғинлар, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 309 тага, ёнғинларда инсонларнинг ҳалок бўлиши 14 тага ва тан жароҳати олиши 45 тага камайган.