«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси E-ticket чипталари сотиладиган сайти янгилангани ҳақида маълум қилди. Эндиликда ушбу сайт орқали ҳам ички, ҳам халқаро қатновлар учун чипталарни сотиб олиш мумкин.

Компания матбуот хизматининг хабар беришича, электрон чипта нархи темир йўл кассасидан олинган чиптага қараганда арзонроқ.

Сайт интерфейси соддароқ ва қулайроқ кўринишга эга бўлди, у мобил қурилма учун ҳам мослаштирилган. Авваллари чипталарни еттита шартли қадамдан сўнг сотиб олиш мумкин бўлган бўлса, энди бундай қадамлар сони тўрттани ташкил этади.

Янгиликлардан яна бири — чиптани онлайн режимда қайтариш имкониятидир. Авваллари бунинг учун кассага мурожаат қилиш, паспорт тақдим этиш ва зарур ҳужжатларни тўлдириш талаб қилинар эди.

Мамлакат ичидаги қатновлар учун чиптани чоп этиш лозим, кассага бориш талаб қилинмайди. Қоғозли нусха инспектор вокзалга киришда муҳр босиши учун лозим.

Интернет орқали расмийлаштирилган халқаро қатновлар чиптасини вокзал кассаси орқали олиш лозим. Компаниянинг қайд этишича, бундай талаб халқаро битимларда ўз аксини топган бўлиб, чиптани бошқа давлатларда йўл босиш вақтида кўрсатиш керак.

Интернет орқали чипталар тўлови учун вақтинчалик фақатгина миллий тўлов тизимлари карталари лозим. Бироқ яқин вақтларда Visa, Mastercard ва бошқала тўлов тизимлари ёрдамида ҳам тўловларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлади.