Фарғона вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги «Риштон» чегара божхона пости барча фуқаролар ҳамда енгил автомашиналарни ҳаракатланишлари учун 30 августдан бошлаб ишга тушди, дея хабар қилди ЎзА.

Очилиш маросимида сўз олган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳамда Боткен вилояти губернатори Рустам Мадумаров ва бошқалар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар кенгайиб бораётгани, хусусан, чегара ҳудудларида кўплаб муаммолар амалий ҳал этилаётганини таъкидлашди.

«Риштон» божхона чегара пости шу кунга қадар фақатгина Риштон тумани ҳамда Қирғизистоннинг Қадамжой тумани фуқароларининг пиёда ҳаракатланишлари учун очиқ эди.

«Айниқса, мазкур божхона чегара постининг очилиши Сўх тумани аҳолиси учун катта қулайликлар яратмоқда. Туман аҳолиси учун яқин йўл бўлган бу божхона чегара пости 7 йил олдин ёпилган бўлиб, сўхликлар вилоят марказига келиши учун узоқ йўл босиб, соатлаб вақт сарфлаб, „Водил“ божхона чегара пости орқали қатнарди. Эндиликда эса ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилди, йўл қарийб 42 километрга қисқарди», — дейилади хабарда.