Волейбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси эркаклар ўртасида Марказий ва Жанубий Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Мусобақа 19−24 август кунлари Непал пойтахти Катмандуда бўлиб ўтди, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Миллий жамоа гуруҳ босқичида Бангладеш, Туркманистон ва Афғонистонни, ярим финалда эса Мальдив оролларини мағлубиятга учратди. Финалда Ўзбекистон волейболчилари 24:26, 25:27, 19:25 ҳисобида Қирғизистон термасига имкониятни бой берди.

Мусобақа якунлари бўйича Дилмурод Сатторов ва Исломжон Собиров «Энг яхши либеро» ва «Энг яхши ҳужумчи» номинацияларида мукофотларни қўлга киритди.