Ўзбекистон молия вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида миллий валюта курсининг кескин тебраниши олдини олиш учун қандай чоралар кўрилиши тўғрисида маълум қилди.

«Иқтисодиётга киритилган қўшимча сармоялар, албатта, ўзининг ижобий самарасини кўрсатди. Иқтисодиётнинг ўсганини ҳеч ким инкор қила олмайди. Шунга қарамасдан, агарда ижобий ва салбий томонларга эътибор қилсак, ушбу салбий ҳолатлар барча ижобий ютуқларимизни ютиб юбормаслиги учун иқтисодий сиёсатни молиявий харажатларимизни янада тартибга солиш сари қайта йўналтириш вақти келди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Молия вазирлиги фискал — давлат бюджети, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатлари устидан «қаттиқ мониторинг» ўрнатади.

У валюта операциялари ёки импорт бўйича чеклаовлар жорий этилиши тўғрисидаги режалар ва муҳокамалар бўлмаганини ҳам маълум қилди. «Курс ўзгаришларига фақатгина ҳозирги талаб ва таклифга таъсир кўрсатаётган омиллар сабаб бўлмоқда», — деди Ишметов.

Сешанба куни Марказий банк тижорат банкларига 20 августдан айрибошлаш шохобчалари орқали нақд хорижий валюталарни сотишга рухсат берганини эълон қилди.