«Тунги» ва «кундузги» тарифларни жорий этиш электр энергиясини етказиб беришдаги узилишлар сабабли ҳозирча имконсиз. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Худди шу сабабни аввалроқ энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев ҳам айтиб ўтган эди.

«Агарда тарифларни кечаси арзон, кундузи қиммат қилсак, бизнинг асосий муаммомиз — электр энергиясини етказиб беришдаги чекловлар билан тўқнаш келамиз. Агарда биз истеъмолчига арзон бўлган вақтда истеъмол қилишга имкон берсак, ушбу танловни 24 соат етказиб беришни кафолатлаш билан мустаҳкамлашимиз керак. Нима учун истеъмолчига тежаш имконини бермаган ҳолда уни кундузги қиммат тариф бўйича тўлашга мажбурлашимиз керак?» — деган эди вазир ўринбосари 9 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Энергетика вазирлиги яқин келажакда эса электр энергия нархларини уни истеъмол қилиш ҳажмига кўра дифференцияция қилиш имконияти кўриб чиқилишини маълум қилди. «Бу умумжаҳон амалиёти — учта тариф жорий қилинади — базавий, пасайтирилган ва юқори. Бу ҳисоб-китоб тизимини бирмунча мураккаблаштиради, аммо шу билан бирга, истеъмолчиларга нисбатан энг адолатли қарор бўлади», — дейилади хабарда.