Бугун Ҳиндистоннинг Жайсалмер шаҳри марказий стадионида «Арми-2019» халқаро армия ўйинлари доирасида бўлиб ўтган «Қўшин разведкаси аълочилари» мусобақасининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Тадбирда мусобақа иштирокчилари бир неча номинациялар бўйича тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси жамоасининг бир гуруҳ разведкачилари энг илғорлар қаторидан жой олишди.

«Энг яхши сапёр» номинациясида кичик сержант Абдулҳамид Мадаминов ғолиб бўлган бўлса, майорлар Бахтиёр Раҳимов, Анзор Мейлиев ҳамда сержант Азамат Каримов «Энг яхши мураббий» деб тан олинди.

Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскарлар Худойберди Алижонов «Энг яхши механик-ҳайдовчи», Азамат Ҳайдаров «Энг яхши разведкачи-мерган», майор Сардор Матмуродов «Энг яхши гуруҳ командири» қаторидан жой олди. Сержантлар Сардор Мамасолиев «Энг яхши разведкачи», Зуҳриддин Тўлабоев «Энг яхши разведкачи-алоқачи» номинациясида фахрли ўринни эгаллади.

Ғолибларга мусобақа ташкилотчилари томонидан ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Эслатиб ўтамиз, дунёнинг етакчи давлатларидан саккизтажамоа қатнашган мазкур мусобақада ўзбек разведкачилари умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллашди.