Арнасой туманида Вьетнам Социалистик Республикаси инвесторлари томонидан балиқ, қорамол ва товуқ учун омухта ем ишлаб чиқарадиган «МТТ SEA FOOD» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқди. Бу ҳақда Жиззах вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Президент жорий йилнинг 30−31 январь кунлари вилоятга ташрифи чоғида Арнасой туманида 2019−2020 йилларга мўлжалланган 32 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича топшириқ берган эди. Дастурга мувофиқ, 352 миллиард 96 миллион сўмлик маблағ ўзлаштирилиб, 2 минг 382 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.

Ушбу топшириқлар асосида ҳозиргача Арнасойда бир неча йирик лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, лойиҳа қиймати 51 миллиард сўм бўлган юқори сифатли мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «ARNASOY GOLD TEKS» масъулияти чекланган жамияти корхонаси барпо этилиб, минг нафар қишлоқ хотин-қизлари иш билан таъминланади. Замонавий 450 та тикув дастгоҳи билан жиҳозланган корхонада йилига 50 миллион АҚШ доллари миқдорида тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, Туркия, Россия, Германия ва Осиёнинг бир қатор давлатларига экспорт қилинади.

Шунингдек, Айдар-Арнасой кўллари дирекциясида балиқ чавоқлари, тумандаги «Олтин юлдузли узумзор» фермер хўжалигида 100 гектар майдонда винобоп узум, «Арнасой Бег Агро» масъулияти чекланган жамиятида 400 гектар майдонда экспортбоп ерёнғоқ, уч турдаги қовун етиштириш ва бошқа лойиҳалар амалга оширилмоқда.

«МТТ SEA FOOD» МЧЖ таркибида барпо этилган ем заводи давлат раҳбарининг топшириғи билан амалга оширилган навбатдаги йирик лойиҳалардан биридир. Лойиҳа қиймати 2,7 миллион доллар бўлган ушбу хорижий корхона бир кеча-кундузда 4−6 тонна омухта ем ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада 68 та иш ўрни яратилди.

Корхонани фойдаланишга топшириш маросимида ҳокимликлар, хорижлик инвесторлар, республикамизнинг барча вилоятларидан келган балиқчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари, туман жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Тадбирда мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити барча соҳалар каби балиқчиликни ривожлантиришда ҳам яхши самара бераётгани қайд этилди.

Масъулияти чекланган жамият қошида йилига 50 миллион балиқ чавоғи етиштирадиган инкубация цехи ишга туширилди. Инкубация цехи чавоқлар парвариши, хона ҳарорати мўътадил бўлишини таъминлайдиган хорижий ускуналар билан жиҳозланган.

Корхона қошида балиқ ва балиқ маҳсулот-ларини сақлайдиган 200 тонналик музлатгичли омборхона ҳам барпо этилаётир. Ушбу иншоотни жорий йил охирига қадар ишга тушириш мўлжалланган.

Шунингдек, корхона қошида 45 гектар майдонда сунъий кўл барпо этилди. Ҳозир кўлда сазан, оқ амур, дўнгпешона каби балиқлар кўпайтирилмоқда.

Бундан ташқари, корхонада балиқларнинг маҳсулдор зотларини кўпайтириш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Шу мақсадда Вьетнамдан 510 минг долларга маҳсулдор зотли балиқлар келтирилиб, балиқчилик хўжаликларига сотилди. Соҳа мутахассислари хориждан келтирилган балиқлар маҳаллий зотлар билан чатиштирилганда уларнинг маҳсулдорлиги ошишига кафолат бермоқда.

Бошқа вилоятлардан келган балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари, тармоқда фаолият юритаётган фермерлар, мутахассислар Арнасойда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Корхонадан ем, балиқ чавоқлари, зотдор балиқлар харид қилиш бўйича келишувлар, ўзаро тажриба алмашувлар бўлди.