Тошкент вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда Оққўрғон тумани марказидаги деҳқон бозорида ёймачи аёлларнинг ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланиши тасвирланган видеолавҳа юзасидан изоҳ берди.

Қайд этилишича, мазкур воқеа 14 август куни 11:00 да «Оққўрғон Деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудида содир бўлган. Бозорга А.Навоий кўчаси томонидан кириш қисмида туман ҳокими қарори билан бўш турган ер майдонида фуқаро Қурбонов Даврон Эргашевич томонидан икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилиши учун рухсат берилган. Қарор асосида усталар қурилиш ишларини бошлаган.

Улар бозорга кириш йўлини девор билан беркитаётган вақтида, шу ерда полиз экинлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш билан шуғулланаётган аёллар қурилаётган девор ўзларининг савдосига халақит қилишини айтиб, қурилишни тўхтатишни талаб қилишган.

Тушунтиришларга қарамай, 5 нафар савдогар аёл қурувчи усталар ва бозор раҳбарини ҳақорат қилиб, кўплашиб қурилаётган деворни бузиб ташлаган.

Шундан сўнг воқеа жойига ички ишлар органлари вакиллари етиб бориб, ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатларни қонуний, ўрнатилган тартибда расмийлаштириш вақтида ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги сабабли уларнинг айримлари қўлга олинган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари бошланган.

Туман ҳокими, ҳокимнинг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Абдунажимова воқеа жойида бўлиб, хотин-қизлар билан суҳбатлашган. Улар айни пайтда иш кундалик ишлари билан машғул.