Июлда Россиянинг Самара вилоятида заҳарланган 69 нафар Ўзбекистон фуқаросидан бири О. С. ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. Мамлакатнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси марҳумнинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилишда кўмак кўрсатмоқда.

Июль ойи ўрталарида Самара вилояти бўйича Россия тергов қўмитаси 46 эркак — Ўзбекистон фуқаролари 17 июль куни заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани, ушбу ҳолат бўйича текширув ўтказилаётганини хабар қилган эди. Кейинроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Кошелевский посад» корхонасида ишлаётган 69 нафар Ўзбекистон фуқароси «номаълум моддадан заҳарланиш» ташхиси билан касалхонага ётқизилгани, улар орасида болалар ҳам бўлиб, уч нафарининг аҳволи барқарор-оғир эканини маълум қилди.

ТИВнинг 15 августдаги маълумотларига кўра, касалхонага ётқизилган 69 нафар Ўзбекистон фуқаросидан 48 нафари В.Д.Середавин номидаги Самара вилояти клиник шифохонасида ва 1-сон Толятти шаҳар клиник шифохонасида бўлиб турибди. Уларнинг аҳволи барқарор-оғир деб баҳоланмоқда.

20 та ватандошга касалхонадан жавоб берилди ва улар иш жойларига қайтишди. Улар маҳаллий шифокорларнинг доимий кузатувида бўлиб турибди.

«Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳ юзага келадиган масалаларни ҳал қилиш учун россиялик ҳамкасблари билан алоқа ўрнатдилар. Бош консулхона вазиятни доимий назоратда ушлаб турибди», — дейилади ТИВ хабарида.

Вазиятни ўрганган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги вакиллари 19 июль куни «Кошелевский посад» директори Наил Шаркаев билан учрашди. Корхона раҳбари ўшанда ўз ходимларининг даволаниш харажатларини қоплаш, шунингдек уларнинг овқатланиш ва яшаш шароитларини яхшилашга тайёр эканини маълум қилган эди. Корхонада 70 нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда, улар боғларни парваришлаш ҳамда мева-резаворлар йиғиш ишлари билан шуғулланади.

Яқинда «Озодлик» радиоси жабрланган фуқаролар Ўзбекистон ҳукуматидан даволанишни давом эттириш учун молиявий ёрдам сўрагани ҳақида хабар қилди. Нашр маълумотларига кўра, мигрантлар зоокумарин — уруғларни зараркунандаларга қарши дорилашда қўлланилувчи пестициддан заҳарланган.