Россия Федерациясининг Омск шаҳрида ўтказилган «РЕМБАТ» — «Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация батальони» мусобақаси ўз якунига етди. Қувонарлиси, унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси якка тартибдаги пойга, ҳарбий техника эстафетаси, отиш тайёргарлиги, жамоа сардорлари беллашуви шартларини кўнгилдагидек бажариб, якунда умумжамоа ҳисобида 2-ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Мусобақа 4 август куни старт олган эди. Ўзбекистон ҳарбий мутахассислари ушбу мусобақада биринчи маротаба иштирок этишига қарамай, бешта босқичдан иборат бўлган баҳсларнинг 4 тасида 2-, биттасида эса биринчи ўринни қўлга киритди. Умумий ҳисобда эса Россия биринчи бўлди. Учинчи ўрин Лаос жамоасига насиб этди. Дунёнинг 8 жамоаси иштирок этган мазкур мусобақада Ўзбекистон жами 6 022 балл йиғди.

10 август куни «РЕМБАТ» — «Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация батальони» мусобақасининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон вакиллари шоҳсупанинг 2-поғонасида ўз совринини қабул қилиб олди.