Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Риштонда аҳоли билан учрашиб, улардан узр сўради. Вилоят раҳбарининг аҳоли билан учрашуви тасвирланган видеолавҳа Халқаро пресс-клуб томонидан оммага эълон қилинди.

Мурожаатни вилоят ҳокими Риштон туманида бўлаётган бунёдкорлик, ободончилик, қурилиш-таъмирлаш ишларида катта-ю кичик, ёшу қари ўз ҳиссасини қўшаётгани, кўчада бўлаётган ишларга ёрдам бераётганини таъкидлаш билан бошлади.

«Очиғини айтаман, хато бўлди. Хатога йўл қўйганларни айтаман, уларга нима бўлганини ҳам айтаман. Албатта, биринчи навбатда менинг ўзим, вилоят ҳокими лавозимида ишлаётган инсон сифатида ҳам бу хатода айбим бор. Биз қилган хато республикамизнинг, давлатимизнинг обрўсига, айниқса Ўзбекистон Республикаси президентининг биз учун олиб бораётган ислоҳотларига, халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун ишлаши керак, деган ғояларига, обрўларига ҳеч қандай путур етказмаслиги керак», — деди Шуҳрат Ғаниев.

Туман марказидаги деҳқон бозори қурилиши билан боғлиқ хатоларга Ўзбекистон президенти, Ўзбекистон Республикаси обрўсининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Хатога, камчиликларга йўл қўйганлар раҳбарлар, бу — вилоят ҳокимидан бошлаб, туман раҳбарларигача. Шуни ажратиб олайлик, деди вилоят раҳбари.

«Сизлардан қаттиқ илтимос, ҳаммадан узр сўраб кечирим сўрайман, шахсан вилоят ҳокими сифатида. Раҳбарлар қандай хатоларга йўл қўйган бўлса, маҳаллий ҳокимият вакиллари, ер-кадастр идораси вакиллари, давлат солиқ инспекцияси вакиллари ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари қандай хатога йўл қўйган бўлса, сизлар билан қандай қўпол муомалада бўлган бўлса, вилоят ҳокими сифатида бўйин эгиб, таъзим қилиб жамоатчиликдан узр сўрайман», — дея узр сўради вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.

Ўзбекистонда ҳеч кимга, у вилоят ҳокими бўладими, туман ҳокими бўладими, ҳеч кимга бир инсоннинг қалбига озор етказиш ваколати берилмаган. Шунинг учун, билиб-билмай хато қилганларга чора кўрилди, — дея маълум қилди ҳоким.

Шундан сўнг Риштон бозорининг бузилишига оид масалага тўхталиб ўтган вилоят раҳбари бозорни янада кўркамроқ қилиш бўйича лойиҳа тайёрлангани, ҳокимликка таклиф берган идоралар лойиҳани тайёрлашда хатога йўл қўйганини таъкидлади.

«Хатога йўл қўйганлардан вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи тегишли жазосини олди, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Туман ҳокими ўртоқ Раҳимов лавозимидан олинди, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилмурод Солиев лавозимидан озод этилди, туман ҳокими ўринбосари, қурилиш-коммуникацияга жавобгар бўлган Содиқжон Ҳайдаров, туман ер-кадастр бўлими бошлиғи Мамадалиев ишдан олинди, туман солиқ инспекцияси раҳбарлари, умуман, бозордаги ишларга, тумандаги ишларга жавобгар бўлган жами 14 киши одамларга менсимасдан муносабатда бўлгани, бош режани менсимагани, шу ерда тирикчилик қилиб турган одамларни ўйламагани эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», — деди Шуҳрат Ғаниев.

«Вилоят ҳокими сифатида ўз вақтида етиб боришим керак эди. Лекин, илтимос қиламан, бу қурилиш-бунёдкорлик ишлари Ўзбекистон республикаси, Фарғона вилояти обрўсига таъсир қилмаслиги, Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётган хорижлик инвесторларнинг ишончи йўқолишига олиб келмаслиги керак. Шунинг учун барчамиз риштонликлардан кечирим сўраймиз», — дея хақлдан узр сўради вилояти ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бутун республикада кўчмас мулкларнинг бузилишига бағишланган видеоселектор йиғилишида Қашқадарё, Хоразм ва Фарғона вилоятлари ҳокимларига интернет орқали халққа мурожаат қилиб, узр сўрашни топширган эди.