UPAY ва Payme электрон тўлов хизматлари электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни тиклади, дея хабар қилинди уларнинг Facebook-саҳифаларида.

UPAY хизмати 31 июлда 1 августдан электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш тўхтатилишини маълум қилган эди. Худди шундай мазмундаги хабар 1 август куни Payme саҳифасида ҳам пайдо бўлди. Бироқ ушбу хизматлар Тошкент шаҳри, Тошкент ва Андижон вилоятларида тўхтатилмади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълумотларига кўра, фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда ушбу қарордан норозилигини билдириб, унинг 15 августдан энергия ресурслари тарифларининг оширилиши билан боғлиқ бўлишини тахмин қилди.

«Изоҳ қолдираётган истеъмолчиларнинг фикрича, бу коммунал корхоналар ташаббуси билан фуқаролар қарздорлик ва бугун амалда бўлган тарифлар бўйича тўловларни олдиндан тўлаб қўймасликлари учун қилинган», — дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.

Payme вакиллари фойдаланувчиларнинг тўловларни қабул қилиш нима учун тўхтатилгани ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, мазкур қарорнинг бир томонлама тартибда қабул қилинганини маълум қилди.

UPAY Монополияга қарши курашиш қўмитасига июнда «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси ўртадаги шартнома шартларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги муносабати билан уни бекор қилиш тўғрисида огоҳлантирган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси UPAY ва «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонасини шартнома шартларини 15 августдан кейин (амалдаги тарифлар бўйича тўловларни қабул қилиш муддати тугагунга қадар)қайта кўриб чиқишга чақирди.

Шундай қилиб, UPAY хизмати ва бошқа мобил тўлов иловалари, шунингдек банк кассалари электр энергияси тўловларини қабул қилишда давом этади.