Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Риштондаги ҳашар жараёнида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини ўрганиш учун учта гуруҳ шакллантирилди. Ушбу гуруҳлар «Фарғонаазот», «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» ва «Фарғона иссиқлик энерго маркази» корхоналарида текширувлар ўтказади, дея хабар қилди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати.

«Текширувлар якунлари бўйича тегишли чоралар кўрилади ва улар ҳақда қўшимча хабар қилинади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Риштон туманида умумхалқ ҳашари ўтказилгани, унга Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан 13562 киши жалб қилингани ҳақида хабар қилинган эди.

Жумладан, учта объектда қурилиш ва ободонлаштириш ишларига тўртта сектор раҳбарлари ташаббуси билан Фарғона шаҳрида 4550 киши қатнашди. Уларнинг 1500 нафари — «Фарғонаазот», 2500 нафари — «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» ва 550 нафари «Фарғона иссиқлик энерго маркази» ходимларидир.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бундай тадбирларни ўтказиш меҳнат қонунчилигини тўғридан-тўғри бузиш экани ва оммавий равишда мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳисобланишини яна бир бор таъкидлади. Чунки 27−28 июль кунларидаги ҳашар президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида ўтказилмаган.

Меҳнат вазирлиги жойлардаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларидан мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига барҳам беришни талаб қилди.