Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 26 июль куни янги тайинланган Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Сантош Жани қабул қилди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилар экан, вазир Ҳиндистон элчисини юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унга самарали фаолият тилади.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларининг долзарб кун тартиби муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил Ҳиндистонга давлат ташрифи ва жорий йилнинг январ ойида бўлиб ўтган «Жўшқин Гужарат» саммитидаги иштироки икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим воқеаси бўлгани таъкидланди.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлик институтларининг бўлажак мажлислари ва бошқа қўшма тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги аввалги элчиси Винод Кумар апрель ойида ўз дипломатик миссиясини якунлади.