Ўзгидромет яқин кунларда Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати бир оз салқинлаши ҳақида хабар қилди.

Бу ҳафта бошидан Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига Вольгабўйи минтақасидан ҳаво оқимлари кириб келишни бошлади. Натижада Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва мамлакатнинг чўл минтақаларида ҳаво ҳарорати кескин тушди. Сўнгра республиканинг қолган ҳудудларида ҳарорат бир оз пасайди.

24−26 июль кунлари кундузги ҳарорат +37…+40 даража атрофида бўлади.

Бироқ ҳафта охиридан мамлакат ҳудудига жанубдан иссиқ ҳаво оқимлари кириб келишни бошлайди. Июль охири ва август бошида ҳаво жуда иссиқ бўлади. «Ушбу жазирама даврнинг қанча давом этишини ҳозирча айтиш қийин», — дея қайд этди Ўзгидромет.

Ўтган ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб аномал иссиқ об-ҳаво ҳукмронлик қилди. Ҳаво ҳарорати кўп йиллик ўртача кўрсаткичлардан 5−7 даража юқори бўлди. Кундузи соатларда ҳаво +40…+43 даражагача қизиган бўлса, чўл ҳудудлари ва республика жанубининг айрим жойларида +44…+46 даражага етди.