Пойтахтда 2018 йили қўшилган қиймат солиғи тўловчилари 1 минг 601 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 15 июль ҳолатида бу кўрсаткич 13 минг 200 тага етди, дея хабар қилди Тошкент ДСБ матбуот хизмати.

Миробод туманида ўтказилган «Солиқ ислоҳотларининг навбатдаги босқичи — солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини тартибга солиш» мавзуидаги кўргазмали-семинарда президентнинг 27 июндаги «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳияти хусусида тадбиркорларга батафсил тушунтиришлар берилди.

«Қўшилган қиймат солиғи, қисқа қилиб айтганда, янги ҳосил бўлган қийматдан тўланади ва шу жиҳатдан адолатли солиқдир, — деди Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Нормат Турсунов. — Бунда мазкур солиқ тизимининг тўлақонли занжири шаклланиши лозим. Масалан, ишлаб чиқарувчи корхона ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотини қўшилган қиймат солиғи билан сотадиган бўлса, ундан харид қилувчи тадбиркорлик субъектлари айтайлик воситачи, улгуржи ёки чакана савдо билан шуғулланувчи корхоналар ҳам ҚҚС билан реализация қилади ва истеъмолчига қадар занжир узилмасдан боради. Натижада маҳсулот нархининг барқарорлиги таъминланади ҳамда солиқ юки ошиб кетмаслигига олиб келади».

Шу нуқтаи назардан, давлат раҳбарининг фармонида қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва ички бозорда барча тадбиркорлар учун бир хил шароит яратиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган бир қатор нормалар белгилангани тадбиркорлар учун айни муддао бўлди, — деди бошқарма бошлиғи.

Таъкидланишича, январь ойидан сентябрь ойигача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегаравий даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида ушбу хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқи берилади.

Семинарда тадбиркорлар мавзу бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.