Республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб интернатида (РИОЗМИ) Ўзбекистон камондан отиш федерациясига қарашли янги спорт базасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Янги базанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, Бутунжахон этноспорт Конфедерацияси президенти Нажмиддин Билол Эрдоған ва кенг спорт жамоатчилиги иштирок этди.

База 2 қаватли бино ҳамда машғулот майдонидан иборат. Майдонда мерганлар жаҳон стандартлари асосида 70 метр ва бошқа масофаларга машғулот олиб бориш имкониятига эга. Бинонинг биринчи қавати Ўзбекистон камондан отиш федерацияси офиси сифатида фаолият кўрсатса, иккинчи қавати ётоқхонадан иборат.

Туркиядан ташриф буюрган мартабали меҳмонлар кун давомида шунингдек, пойтахтда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг имкониятлари, фаолияти билан яқиндан танишишди. Уларга ўзбек халқининг буюк тарихи ва бой маданий мероси хақида ҳикоя қилиб берилди.

2 ойдан сўнг «Очиқ осмон остидаги музей» номи билан жаҳонга танилган Хива шаҳрининг Ичан қалъа мажмуасида Халқаро мақомдаги Миллий этноспорт фестивали ўтказилади. Бугун меҳмонлар ушбу тадбирга олиб борилаётган тайёргарликни кўздан кечириб, унинг доирасида ташкил этиладиган матбуот-анжуманида ҳам иштирок этишади.