Ўзбекистонда енгил автомобиллар учун «Евро-6» стандартидаги двигателларни ишлаб чиқариш бошланади, дея хабар қилди «Ўзавтосаноат» раиси ўринбосари Азизбек Шукуров «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Янгиликлар 24» дастурига берган интервьюсида.

18 июль куни президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорда «Ўзавтосаноат"га 31 декабргача Американинг General Motors компанияси билан 2019−2022 йилларда амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар бўйича музокараларни якунлаш ва шартнома имзолаш топширилган.

Ҳужжатда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хорижий банклар, экспорт-кредит агентликлари, шунингдек, инвестиция компаниялари ва жамғармаларнинг маблағлари ҳисобига энг қулай шартларда камида 700 миллион АҚШ долларини жалб этиш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳалар қаторидан янги турдаги двигателларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳам ўрин олган. Азизбек Шукуровнинг сўзларига кўра, бу «Евро-6» стандартига жавоб берувчи CSS Prime турига мансуб двигатель бўлади. Лойиҳани 2021−2022 йилларда амалга ошириш режалаштирилмоқда.

«Биринчидан, бу бизга бир қатор экспорт бозорларига чиқишимизга хизмат қилади. Иккинчидан, улар — самарали ва тежамкор двигателлар. Ушбу двигателлар базасидаги янги моделларимиз сарфланаётган ёқилғи харажатларини сезиларли даражада камайтиради», — деди у.

«Ўзавтосаноат» раиси ўринбосари кузовлар, пластик деталлар, интерьер ва экстерьер қисмларини маҳаллийлаштириш бўйича 12 та лойиҳа тасдиқланганини маълум қилди.

Бу «Ўзавтосанот» тузилмасидаги корхоналарга бошқа мамлакатларга ҳам эҳтиёт қисмлар ва бутловчи деталларни экспорт қилишни йўлга қўйишга имконият яратади. Бугун Ўзбекистонда автомобиль эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш бўйича 30 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда.

«Наманган вилоятидаги „УзЧасис“ ўзбек-корейс қўшма корхонаси Россиянинг „УзЧасис“ ишлаб чиқарувчисининг учта автомобиль модели учун чироқлар экспортини бошлаб юборган», — деди компания раиси ўринбосари.

2011 йилнинг ноябрида Тошкентда автомобиль двигателларини ишлаб чиқариш бўйича GM Powertrain-Uzbekistan заводи очилган эди.