Ўзбекистон олий таълим муассасалари 2020 йилдан бошлаб босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг 11 июлдаги қарорида сўз боради.

ОТМларнинг ўзини ўзи молиялаштиришга ўтишида таълим хизматлари бозорида олий таълим муассасаларининг айрим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига талаб юқорилиги ва молиявий барқарорлигини инобатга олинади.

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорларини мустақил белгилаш;
  • иқтидорли, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
  • сақлаш харажатлари, вазифа ва мажбуриятларни бажариш, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материалларини (реактивлар, кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар), шу жумладан, китоблар, журналлар, ўқув адабиётлари харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлаш;
  • олий таълим муассасаси инфратузилмасига сервис хизматлари кўрсатишнинг алоҳида турлари, жумладан, бино ва иншоотлар, талабалар турар жойлари, спорт объектларидан фойдаланиш, уларни тозалаш, таъмирлаш, компьютер техникаси ва телекоммуникация тармоқларини сақлаш ва юридик хизматлар кўрсатишни аутсорсинг шартларида ташкил этиш.

Шунингдек, бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда:

  • олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти, унинг моддий-техник базаси имкониятларини инобатга олиб, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш;
  • олий таълим муассасасини ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ваколати берилмоқда.