1 январь куни Тошкентнинг Юнусобод туманида бошланган газ ва электр энергияси истеъмоли бўйича базавий нормаларни жорий этиш тажрибаси ўзини оқлади, деб ҳисобланди. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Бир абонент учун электр энергияси истеъмолининг базавий нормаси бир ойга 300 кВт·с, газ эса — 250 куб метр (иситиш мавсуми давомида индивидуал тартибда иситиладиган хусусий уйлар ва квартиралар учун — 1000 куб метр) этиб белгиланган эди. Базавий нормадан ошган кўрсаткичлар бўйича ўрнатилган тарифга нисбатан 1,2 баробарлик коэффициент қўлланилмоқда.

Энергетика вазири натижаларни «яхши» деди. Тажриба натижаларига кўра, январь ойида 85 минг 870 нафар истеъмолчидан 72 минг 115 таси (84%) 300 кВт.соатгача (ўртача 1 хонадонга 90,3 кВт.с) электр энергиясини истеъмол қилган ва қолган 13 минг 755 та (16%) истеъмолчи 300 кВт.соатдан кўп (ўртача 1 хонадонга 859,1 кВт.с) электр энергиясини сарфлаган.

Июнь ойида 86 минг 272 нафар истеъмолчидан 74 минг 239 таси (86,1%) 300 кВт.соатгача (ўртача 1 хонадонга 98,8 кВт.с) электр энергиясини истеъмол қилган ва қолган 12 033 та (13,9%) истеъмолчи 300 кВт.соатдан кўп (ўртача 1 хонадонга 1082,8 кВт.с) электр энергиясини сарфлаган.

«Энди июнь ойи таҳлили бўйича 300 кВт.соатгача электр энергиясини истеъмол қилувчи истеъмолчилар улуши 84 фоиздан 86,1 фоизга етиб (2,1% ошган), 300 кВт.соатдан кўп электр энергиясини истеъмол қилувчи истеъмолчилар улуши 16% дан 13,9 фоизга тушганини кўрамиз (2,1% камайган). Бунда пул тушуми 60 фоизга ошиб, йўқотишлар кескин камайган. Тажриба ўзини оқлагани учун шу йил якунигача Тошкент, қисман Самарқанд, Бухоро ва Жиззах шаҳарларида мазкур тизим жорий қилиниши кўзда тутилмоқда», — деди Алишер Султонов.