Ўзбекистон Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 22 йил давомида қамоқда жазо ўтаган Самандар Қўқоновнинг реабилитация тўғрисидаги талабини қондирмади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати вакили Азиз Обидов хабар қилди.

Самандар Қўқонов (1945 йилда туғилган) — собиқ Ўзбекистон халқ депутати, «Тоштранснефтмаҳсулот» корхонасида директор бўлиб ишлаган.

1994 йилда Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган. «Озодлик» радиоси маълумотларига кўра, унга қарши порахўрлик, коррупция ва жиноий гуруҳ ташкил этиш айблари қўйилган.

Самандар Қўқонов 2016 йилда озодликка чиқди, жорий йилнинг 22 апрель куни эса Олий судига оқлашни сўраб кассация тартибида шикоят келтирган. Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати мазкур ишни 12 июнь куни кўриб чиқишни бошлаган.

Бугун, 10 июль куни Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1994 йил 23 августдаги ҳукми ўзгартирилди. Ушбу ажримга кўра С. Қўқоновнинг айбловидан бир неча моддалар чиқарилди, бошқа моддалар билан тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилди, қолган моддалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига (1994 йилда у 1959 йилги Жиноят кодекси бўйича судланган) мувофиқ қайта квалификация қилинди.

«Тоштранснефтмаҳсулот"нинг собиқ директорига 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Суд жазонинг тўлиқ ўталганини инобатга олди.