2 июль куни соат 15:00 ларда фуқаро Ф.Т. (1999 й.т.) Денов тумани Лолазор маҳалласидаги «Хабибобод» бозори ҳудудида жойлашган аёллар ҳожатхонасида қиз бола чақалоқни туғиб, ҳожатхона ичига ташлаб кетган, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Хабарда қайд этилишича, ундан кейин ҳожатхонага кирган аёл чақалоқ йиғисини эшитиб, одамларни ёрдамга чақирган. Натижада чақалоқ қутқариб қолиниб, касалхонага жойлаштирилган.

7 июль куни ушбу ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. Унда милиция ходимларининг чақалоқни жонлантиришга ҳаракат қилаётгани акс этган эди.

Мазкур ҳолат юзасидан Денов туман прокуратураси томонидан фуқаро Ф.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш, 99-моддаси (Онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.