Жорий йилнинг 29−30 июнь кунлари Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Хоразм, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида бўлиб, ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, ходимларнинг самарали хизмат олиб боришлари учун яратилаётган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Бугун жамиятнинг барча соҳаларида халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ички ишлар органлари ходимлари ҳам муносиб иштирок этмоқдалар.

Мазкур янгиланишлар суръати ва кўлами, ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши кўп жиҳатдан барча бўғиндаги раҳбар ва ходимларнинг салоҳиятига, масъулият ва интилишига бевосита боғлиқдир.

Шу боис ҳам таркибий ва ҳудудий ички ишлар органлари зиммасига ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жиноят содир этилишига сабаб бўлувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, жамиятда жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш муҳитини яратиш бўйича бир қатор вазифалар юклатилган бўлиб, бу борада кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 29−30 июнь кунлари Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Хоразм, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида бўлиб, ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, ходимларнинг самарали хизмат олиб боришлари учун яратилаётган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Хусусан, 29 июнь куни Хоразм вилоятида тегишли соҳа ва тармоқ раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишни вилоят ҳокими Ф.Эрманов кириш сўзи билан очиб, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш борасидаги вазифаларни ҳаётга изчиллик билан тадбиқ этишда ички ишлар органлари ходимларининг ҳам алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.

Йиғилишда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўзга чиқиб, сўнгги икки ярим йил мобайнида Хоразм вилоятида жиноятчиликни жиловлаш ва аҳолининг осойишталигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилганлигини қайд этиб, эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим ҳудудий ички ишлар органлари томонидан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида камчиликларга йўл қўйилаётганлигига эътибор қаратди. Мавжуд камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларни аниқлаб, улар билан таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъул ходимларга аниқ топшириқлар берди.

Йиғилишда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига генерал-майор Д.Назармуҳамедов тайинланганлиги йиғилганлар эътиборига етказилди.

Ташриф давомида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Хоразм вилояти ИИБ Тиббиёт бўлимида янги қурилиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, қирқ ўринли даволаш профилактика муассасаси биносининг очилиш маросимида иштирок этди. Яқинда фойдаланишга топширилган спорт маркази ҳамда ерда ходимлар ва уларнинг фарзандларининг спорт машғулотлари билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар билан танишди.

Шунингдек, вазир вилоят ички ишлар бошқармасининг янги биноси ва Урганч тумани ИИБда амалга оширилаётган қурилиш ишлари, ходимларнинг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида барпо этилаётган 14 та хонадондан иборат турар-жой комплексидаги қурилиш жараёнларини кўздан кечириб, зарур тавсия ва кўрсатмалар берди.

30 июнь куни Самарқанд вилояти ИИБда ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, вилоят ИИБ соҳавий хизматлари ва шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари ҳамда шахсий таркиб иштирокида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан вилоят ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилган полковник А.Тошпўлатов Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганлиги эълон қилиниб, Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига полковник Ш.Раҳмонов тайинланганлиги йиғилганлар эътиборига етказилди.

Йиғилишда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, республика миқёсида ички ишлар органлари тизимида улкан ислоҳотлар олиб борилаётганлигини, ходимларнинг хизмат ва турмуш шароитлари кундан-кунга яхшиланаётганлигини, бунга жавобан ҳар бир ходим масъулият ва шижоат билан хизмат қилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ўз сўзида, ички ишлар органларида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, эришилаётган барча ижобий натижалар замирида, аввало Давлатимиз раҳбарининг соҳага бўлган эътибор ва ғамхўрлиги алоҳида ўрин тутаётганлигини таъкидлаб, вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича йўлга қўйилган ижобий тажрибаларни қайд этиб ўтди.

Йиғилиш давомида генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов вилоятдаги айрим муаммоли масалаларга тўхталиб, хотин-қизлар билан ишлаш борасида «Бухоро тажрибаси», ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича президентнинг бешта эзгу ташаббуси доирасида амалга оширилаётган комплекс тадбирларни жадаллаштириб, жорий йилнинг биринчи ярми якуни бўйича вилоятда жиноятчилик ҳолати чуқур танқидий таҳлил қилиниб, келгуси даврга мўлжалланган «Йўл харита"ларини ишлаб чиқиш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Шу куннинг ўзида, Ички ишлар вазири Сирдарё вилоятига ҳам ташриф буюрди.

Вилоят ИИБда ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, вилоят ИИБ соҳавий хизматлари ва шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари ҳамда шахсий таркиб иштирокида ўтказилган йиғилишни вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда вилоятнинг барча соҳаларида олиб борилаётган ижобий ишлар самарасида ички ишлар органлари ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлади.

Йиғилишда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўзга чиқиб, вилоятда эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, бугунги кунда бартараф этилиши лозим бўлган айрим тизимли камчиликлар мавжуд эканлигига эътибор қаратди.

Ҳар бир маҳаллада таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш ишларини янада жадаллаштириш, вилоятда инсон ҳаёти ва соғлигига қаратилган ҳамда мулкий турдаги жиноятлар нисбатан кўп содир этилаётганлигини инобатга олиб, ушбу турдаги жиноятларни барвақт олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш ҳамда республикада қўлланилаётган ижобий тажрибаларни вилоят миқёсида оммалаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Келгусида ҳуқуқбузарликларга қарши курашда жамиятнинг ҳар бир аъзоси, ҳар бир фуқаро «Менинг маҳалламда жиноят бўлмайди» деган фикр билан яшаши лозимлиги, фуқароларда ушбу масалага нисбатан дахлдорлик ҳиссини кучайтириш зарурлиги уқтирилди.

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига полковник Ш. Мавлянов тайинланганлиги йиғилганлар эътиборига етказилди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишларда тизимда эришилган ютуқ ва ижобий тажрибалар келгуси фаолият самарадорлигига хизмат қилиши айтилиб, ҳар бир ходим давлат раҳбари томонидан ички ишлар органлари тизимига берилаётган эътибор ва кўрсатилаётган ғамхўрликларга муносиб тарзда халқ манфаатлари йўлида фидойилик ва садоқат билан хизмат қилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.