3 июль куни Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирокида Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 29 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси"ни тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳияти ва унинг ижроси мавзуида брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Очиқ ҳамда конструктив руҳда кечган тадбир аввалида халқ таълими вазири Шерзод Шерматов йиғилганларни Концепцияда белгиланган устувор вазифалар ҳамда мақсадли кўрсаткичлар, уларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан режалаштирилаётган юмушлар хусусида қисқача сўзлаб берди. Масалан, 9 та устувор йўналиш ва 48 та мақсадли кўрсаткич бўйича бажарилиши кўзда тутилган Концепциянинг соҳани малакали кадрлар билан тўлдиришга доир қисми ҳақида фикр юритар экан, Шерзод Шерматов айни пайтда бу борадаги аҳвол айтарли даражада мақтанарли эмаслигини, мисол учун, тизимда ишлаётган ўқитувчиларнинг қарийб олтмиш минг нафари олий маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.

— Шундай таассурот уйғонадики, улар худдики ҳеч қаерда иш тополмагандан сўнг «Мен ҳам қаердадир ишлашим керак-ку», деб мактабга келгандек, — деди Шерзод Шерматов.

Шунингдек, халқ таълими вазири давлатимиз раҳбарининг 5 та ташаббусидан бири — китобхонлик ва ёшлар мутолааси масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

— Одамлар халқ таълими тизимини янада яхшилаш бўйича ўзларининг кўплаб маслаҳатларини юборишади, — деди Ш. Шерматов. — Айримлар ҳатто китобларни биратўла йўқ қилиб, ҳар битта ўқувчининг қўлига планшет тутқазиш ва дарсларни ҳам тўлиқ электрон шаклда ўтказишни маслаҳат беришган. Аммо мен бундай қилинишига ҳамиша қарши бўлганман.

Ишончим комилки, китоб ҳеч қачон йўқолмайди. Тараққиёт минг кучаймасин, китоб мутолааси асло йўқ бўлмайди. Бунга ривожланган давлатлар ҳам яққол мисол бўла олади. Масалан, АҚШдаги машҳур Amazon порталини олинг. Агар АҚШда биров босма китоб ўқимай қўйганида эди, мазкур порталга 40 миллион турдаги (сонини тасаввур қилаверинг энди) китоблар савдоси бўйича эълонлар жойлаштирилмаган бўлар эди.

Шерзод Шерматов қабул қилинган Концепция халқ таълими тизимини узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берганини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, хусусан, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон Республикасининг PISA (The Programme for International Student Assessment) Халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш; узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, шунингдек, профессионал кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш; ўқитиш методикасини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш; халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда инновацион лойиҳаларни жорий қилиш; халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва бюджетдан маблағ билан таъминлашнинг самарадорлигини ошириш; ёшларни тарбиялаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашда мактабдан ташқари таълимнинг замонавий усуллари ва йўналишларини жорий этиш; давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳисобига давлат таълим тизимида рақобат муҳитини кенгайтириш; ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ қилиш; халқ таълими тизимида фаолият кўрсатишнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини босқичма-босқич ошириб бориш кўзда тутилмоқда.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳозирги кунгача Концепция доирасида амалга оширилган бир қатор ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Шундан сўнг анжуманнинг савол-жавоблар қисмига ўтилди. Журналистлар ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.