Тошкентдаги Фарғона йўл кўчасини реконструкция қилиш доирасида 65 та дарахтни кесиш режалаштирилмоқда, дея хабар қилди Тошкент автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси «Газета.uz"га. Лойиҳага кўра, дарахтлар ўрнида оқава ариқлар ўрнатилади. Келгуси йили Нукус кўчасидан Тошкент ҳалқа йўлига қадар Фарғона йўли кўчасини капитал таъмирлаш режалаштирилмоқда.

«Дастлаб 150 дан ортиқ дарахтни кесиш кўзда тутилган эди. Биз йўқотишларни имкон қадар қисқартирдик. Бу (кесиш — таҳр.) „Ўзавтойўл“ (Ўзбекистон автомобиль йўллари давлат қўмитаси — таҳр.) лойиҳавий ҳужжатида кўзда тутилган», — деди Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи в. б. Нодиржон Юнусов.

«65 та дарахтни Фарғона йўли кўчасида трамвай йўли бўйлаб Сайхун кўчасидан Тошкент автомобиль ҳалқа йўлигача бўлган қисмида кесиш мўлжалланмоқда. Ушбу участкада фақат бир томонда оқава ариқ мавжуд. Ё оқава ариқ бўлади ёки дарахтлар қолади. Биз оқава ариқни суришни ўйладик, аммо одамлар дарахтлар ўртасидаги пиёдалар йўлаги бўйлаб юриши керак бўларди. Хавфсизлик мақсадида, машиналар пиёдаларни кўришлари учун дарахтларни барибир кесишга тўғри келарди. Ариқдан кейин бир ярим ёки икки метр энликдаги пиёдалар йўлаги қурилади. [Тошкент] ҳокими қарори бор, экология рухсатномаси бор. Трамвай линияси ўрнидаги йўл кенглиги 6 метр атрофида, уни 15 метрга кенгайтирамиз», — деди Тошкент буюртмачи хизмати ҳудудий бошқармаси бош муҳандиси Рустам Зиёмуҳаммедов «Газета.uz"га.

У келгуси йили Фарғона йўли кўчаси Нукус кўчасидан Тошкент автомобиль ҳалқа йўлигача капитал таъмирланиши режалаштирилаётганини қўшимча қилди. Уйларни бузиш, дарахтларни кесиш ва йўлни ҳар томондан 4 та йўлак қадар кенгайтириш мўлжалланмоқда.

«Шимолий вокзал кўпригидан Фарғона (Рисовий) бозоригача эгри-бугри бўлмайди. Қўйлиққача тўғри йўл бўлади. Шунинг учун уйлар, муассасалар бузилади. Ҳозирда ушбу лойиҳа ишлаб чиқилмоқда», — деди Рустам Зиёмуҳаммедов.

Фарғона йўли кўчасида дарахтларнинг кесилиши тўғрисидаги хабар 27 июнь куни «Потрибитель.Уз» Facebook-гуруҳида эълон қилинган эди. Ишчилар аҳолига йўлни кенгайтириш учун 156 та дарахт кесилишини маълум қилган. Янгилик фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлди.

2019 йилда (24 май ҳолатига кўра) Тошкент Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига 12 минг 392 туп дарахтни кесиш бўйича 840 та мурожаат келиб тушган. Улардан 354 та ҳолатда 6445 туп дарахтни кесишга рад жавоби берилган. Қуриган деб топилган 1104 туп дарахтни кесиш бўйича 116 та муроаат қаноатлантирилган.