Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан журналистларга табрик йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Барчамизга яхши аёнки, матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлган. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда», — дейилади табрикда.

Унда таъкидланганидек, кейинги пайтда оммавий ахборот воситаларида мамлакат ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар таҳлили, соғлом танқидий руҳ кучайиб бормоқда.

«Чунки бундай тенденция ислоҳотларимиз самарасини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, барча даражадаги раҳбар ва мутасаддиларни эл-юрт фикри билан, замон талаблари билан ҳисоблашган ҳолда ишлашга ўргатади», — дейилади табрикда.

«Албатта, ўзининг билим ва салоҳиятига, ишчанлик фазилатларига ишонган раҳбар танқиддан қўрқмайди, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни халқ билан мулоқотнинг самарали воситаси, деб билади. Аслида ҳам бундай мулоқот тараққиётимизни таъминлайдиган энг асосий омиллардан биридир», — дея давом этди президент.

«Айни вақтда барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур: ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак», — дейилади табрикда.

Унда қайд этилишича, «ҳаётимиздаги бугунги улкан ўзгаришлар, ислоҳотларимиз мантиғи барчамиздан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этмоқда».

Табрикда келтирилишича, «оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий матбуотимизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига эришиш, Интернет журналистикасини ривожлантириш, ноширлик иши, китоб савдоси, обуна ва тарғибот масалаларида бутун дунёда ўзини оқлаган бозор механизмларини кенг жорий этиш, очиқлик ва соғлом рақобат шароитида ишлашга ўрганиш бўйича биргаликда ҳали кўп иш қилишимиз керак».

«Ўз навбатида, биз оммавий ахборот воситаларининг фаолият эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, жамиятда демократик принциплар, фикрлар ва қарашлар ранг-баранглигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишларимизни албатта изчил давом эттирамиз», — дея таъкидланади табрикда.