Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров партия депутати Қобул Дўсовнинг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган фикрларига муносабат билдирди.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Халқ депутатлари кенгаши депутати Қобул Дўсов ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган бир қатор постлар муаллифи. Улардан бирида у: «Қачонки сиёсатда аёллар билан болалар ҳукм юритадиган пайт келса, билинг мамлакат тез орада пароканда бўлади», — деб ёзади.

Депутат 25 июнь куни Repost нашрига берган интервьюсида аёл президентларга мутлақо қарши эканини таъкидлайди. «Мамлакатнинг тараққий этиши ортиқча ҳиссиётларга берилмайдиган ва ҳар қандай вазиятда қарор қабул қила оладиган эркаклар табиатига боғлиқ», — дейди у.

Чоршанба куни «Миллий тикланиш» раҳбари Алишер Қодиров Facebook-саҳифасида «[Депутатнинг] ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётган аёллар ва ёшлар масаласидаги шахсий фикрларини қоралайман», — деб ёзди.

«Эълон қилинган постлар унинг шахсий фикрлари бўлиб, ушбу фикрлар „Миллий тикланиш“ демократик партиясининг мақсад ва ғояларига тамоман зиддир», — дея таъкидлади Алишер Қодиров.

«Партия аёллар ва ёшларни жамиятимизнинг энг фаол қатлами сифатида кўради ва уларга таянади. Тайёрлаш жараёни кетаётган партиянинг сайловолди дастурида аёлларга янада қулайроқ меҳнат ва турмуш шароитлари яратиш, халқнинг дардини чуқурроқ ҳис қиладиган қатлам сифатида партия фаолиятига кенгроқ жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда», — деди партия раҳбари.

Шу билан бирга, янги талаблар ва кенг ваколатларга эга бўладиган маҳаллий кенгашларга партия томонидан таклиф этиладиган номзодларнинг тафаккур салоҳияти ва дунёқарашини жиддий таҳлил қилиш ишлари янада кучайтирилади, дея давом эттирди Алишер Қодиров.

Кейинроқ Қобул Дўсовнинг ўзи ҳам баёнот билан чиқди. У ўзининг сиёсатдаги аёллар ҳақидаги фикрлари нотўғри талқин этилганини маълум қилди. Депутат аёлларнинг бизнес, сиёсат, ижтимоий ҳаётдаги бандлигини фақат қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди. «Мен ушбу тенденцияни қўллаб-қувватлайман, аёлларнинг ижтимоий фаоллашувидан чин дилдан хурсанд бўламан. Бироқ аёлларнинг ҳаддан зиёд ишлаши, ўз саломатлиги ва ўз оиласига зарар етказишига қаршиман. Мамлакат президенти лавозими эса бутунлай ўзини бағишлаш, ишга тўлиқ берилишни талаб қилади. Кам уйқу, ойига ўнлаб учрашувлар, бутун давлат девони фаолиятини назорат қилиш. Ахир аёл кончилар ёки аёл электр усталари деярли йўқ-ку. Айнан жуда хавфли бўлгани сабабли», — деди у.

Қобул Дўсов унинг постлари ва интервьюсига изоҳ берган барчага позициясидан қатъи назар миннатдорчилик билдирди.: «Менга хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, ҳар бир фикр аҳамиятли».