2020 йилнинг 5−7 май кунлари Ўзбекистонда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилотининг (ФАО) Европа учун 32-ҳудудий конференцияси ўтказилади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди. Ўзбекистон илк бор ушбу тадбирда иштирок этади.

23 июнь куни ФАОнинг 41-сессияси олдидан бўлиб ўтган учрашувларда конференцияни Ўзбекистонда ўтказилишига доир ташаббус ФАО ҳамда 51 та Европа ва Осиё мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон ФАОга 2001 йилда аъзо бўлган. 2014 йилда Тошкентда ташкилот ваколатхонаси очилган.

ФАОнинг стратегик мақсадлари очликка қарши кураш, қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва балиқчиликнинг ҳосилдорлик ва барқарорлигини ошириш, қишлоқ ҳудудларида қашшоқликни камайтиришга ҳисса қўшишдан иборатдир.

Айни пайтда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги делегация турли мамлакатлар, жумладан, Хитой, Миср, Корея, Украина, Қозоғистон, АҚШ, Чили сингари давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирлари ва бошқа расмий доира вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда.