Тошкент ИИББ бегона автомобилга чизиқ туширган ИИО ходимининг хатти-ҳаракатлари учун узр сўраб, ҳодиса бўйича хизмат текшируви ўтказилиши тўғрисида хабар берди. ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, етказилган зарар ўрнини қоплаш бўйича чоралар кўрилади.

19 июнь куни ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари хизмат кийимида бўлган киши «Каптива» русумли автомобилнинг орқа эшиги ва олд чап қанотини бир буюм билан тимдалагани акс этган видео эълон қилинди.

Текширувда аниқ бўлишича, ушбу ҳолат 17 июнь куни тахминан соат 8.10 да содир бўлган. Яшнобод тумани ИИО ФМБ ходими Д.С. ўзига тегишли «Матиз» русумли автомобилда хизматга кетмоқчи бўлган вақтда «Каптива» русумли автомобиль сабабли йўлга чиқа олмаган.

Ходимнинг изоҳига кўра, «Каптива» автомобили ҳайдовчиси Э.Б. илгари ҳам машинасини атрофдагиларнинг йўлини тўсган ҳолда қолдириб, танбеҳларга эътибор бермаган.

ИИББ ҳайдовчилардан ўзгаларни ҳурмат қилишни ва айниқса кўп қаватли уйлар яқини ёки маҳаллалар кўчаларида автомобилларини бировга халал бермайдиган ҳолда қолдиришини сўради.