Ижтимоий тармоқларда тарқатилган Қашқадарёда ҳайдовчи ЙПХ инспекторини ураётгани акс эттирилган видеоматериалдаги ҳолат ИИВ томонидан ўрганилди ва расмий муносабат билдирилди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Шу йилнинг 12 июнь куни, соат 11.00 ларда, Қашқадарё вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан тасдиқланган тақсимотга асосан, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори, сафдор Б.Бобоқулов, «Қарши-Шаҳрисабз» йўлининг 1-км.да «Йўл ҳаракати қоидалари"нинг 3.27 «тўхташ тақиқланган» йўл белгисига амал қилмасдан тўхтаб турган «Дамас» русумли, давлат рақам белгиси 70 K 064 NA бўлган автомашина ёнига бориб, «киракашлик» билан шуғулланувчи ҳайдовчи, Бекзод Раҳимовга ўзини таништириб, унга содир қилган ҳуқуқбузарлигини тушунтириб, маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлган вақтида ҳайдовчи Б.Раҳимов сафдор Б.Бобоқуловни қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатиб, ходимнинг хизмат кийимини йиртиб, унинг танасини турли жойларига қўлида бўлган ёғоч таёғи билан уриб, тан жароҳати етказган.

Шунингдек, сафдор Б.Бобоқулов ўзининг «Артел» русумли қўл телефони орқали ҳолатни видеотасвирга олмоқчи бўлган вақтида ҳайдовчи Б.Раҳимов сафдор Б.Бобоқуловнинг қўл телефонини тортиб олиб, хизматда фойдаланиш учун берилган жезл таёғи ва рациясини синдириб, воқеа жойидан номаълум томонга қочиб кетган. Олиб борилган тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида, фуқаро Б.Раҳимов ушланган.

Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг 2019 йил 12 июнь кунидаги бирламчи маълумотномасига кўра, сафдор Б.Бобоқуловга «ўнг қўл елка қисмида лат ейиш шилинган жароҳати» ва «чап қўл тирсак қисмида лат ейиш шилинган жароҳати» ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро Б.Раҳимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «а» банди ва 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Бекзод Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳозирда Қарши шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.