Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Бу банк раҳбарининг сўнгги икки йилда республикага амалга оширган учинчи ташрифидир.

Учрашувда амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, жумладан, Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини ва кредитларни ўзлаштиришни тезлаштириш, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантиришга кўрсатилаётган кўмакни кенгайтириш масалалари батафсил кўриб чиқилди.

Ўзбекистон президенти ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгашини ташкил этиш ва унинг биринчи мажлисига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, кенгаш ЕТТБ кўмагида ташкил этилмоқда. Унинг таркибидан Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган йирик хорижий корхоналар вакиллари ўрин олади. Мазкур орган улар фаолияти билан боғлиқ муаммо ва масалаларни самарали ҳал этишга имкон яратади.

Сума Чакрабарти ЕТТБнинг Ўзбекистон билан кўп қиррали шерикликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва давом эттириш борасида интилиши қатъий эканини таъкидлади. Қўшма лойиҳалар портфели кенгаймоқда. Заём келишувлари имзоланиб, қиймати жами 600 миллион доллардан зиёд кредит маблағларини жалб этган ҳолда мамлакат ҳудудларида энергетик ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш бўйича устувор инвестиция лойиҳалари тайёрланмоқда. Хусусий сектор лойиҳаларига 100 миллион доллардан зиёд инвестиция киритилди. Бундан ташқари, умумий қиймати 800 миллион долларга яқин бўлган ижтимоий аҳамиятга эга истиқболли дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.