Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари республикадан хорижий валюталарни ноқонуний олиб чиқиб кетилишига йўл қўймади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Фарход» чегара божхона пости орқали қўшни давлатга ўтиш мақсадида келган фуқаро О.Х. шахсий кўрикдан ўтказилди. Натижада, унинг эгнидаги кийимига беркитилган, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган 4700 АҚШ доллари борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда, «Ғишткўприк» чегара божхона пости орқали қўшни мамлакатга ўтмоқчи бўлган фуқаро Е.Д. бошқарувидаги «VAN Hool» русумли автобус божхоначилар томонидан кўрикдан ўтказилди. Натижада, автобус салонидаги бардачокда йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган 1 930 000 қозоқ тенгеси борлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.