Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг очиқ суд мажлисида, судланувчи Д. Джарилкасиновга нисбатан жиноят иши кўрилиб, унга нисбатан тегишли ҳукм ва жазо тайинланди.

Иш ҳолатига кўра судланувчи Д. Джарилкасинов белгиланган тартибни бузиб Ўзбекистон Рерпубликаси ҳудудига кириш жиноятини содир қилган.

Чунончи, у Қозоғистон Республикасида вақтинча яшаш мақсадида, ўзига тегишли бўлган СР 1267409 рақамли фуқаролик паспорти билан 2012 йил 10 октябрь куни «Яллама-авто» ҳалқаро ўтказиш пункти орқали белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан Қозоғистон Республикаси ҳудудига чиққан.

Д. Джарилкасинов Қозоғистон Республикаси Чимкент вилояти Еттисой туманида 2019 йилнинг январь ойига қадар яшаб келиб, 2004 йил 26 сентябрда Ромитан туман ИИБ томонидан расмийлаштирилиб берилган СР 1267409 серия рақамли фуқаролик паспортини эҳтиётсизлиги туфайли йўқотиб қўйиб, доимий яшаш манзилига қайтиш мақсадида 2019 йил 27 январь куни тахминан соат 20:00ларда «Қозоғистон Ўзбекистон» Давлат чегараси ҳудудига етиб келиб, пиёда ҳаракатланиб, 1999 йил 20 август кунидаги № 820-I-сонли «Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси тўғрисида"ги Қонунининг 15-моддаси талабларига зид равишда, назорат ўтказиш масканларини четлаб, «Қозоғистон Ўзбекистон» Давлат чегараларининг қўриқланиши жиҳатдан заиф бўлган қисми орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси ДЧҲҚҚнинг 2019 йил 5 февраль кунидаги маълумотномасига кўра, фуқаро Д. Джарилкасинов ўзига тегишли бўлган СР 1267409 рақамли фуқаролик паспорти билан 2012 йил 10 октябрда «Яллама-авто» халқаро ўтказиш пункти орқали Ўзбекистон Республикасидан чиққанлиги бироқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас.

Д. Джарилкасиновга жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, у томонидан содир қилинган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймондалигини, унинг шахсини, ижтимоий аҳволи ва оилавий шароитини, қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, оиласида ягона боқувчилигини, муқаддам судланмаганлигини, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атворини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи бошқа ҳолатларни инобатга олиб, Д.Джарилкасиновга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 223-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 1 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.