Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат 16 апрель куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 3 май куни Сенат томонидан маъқулланган эди.

Қонунга кўра, қайта тикланувчи энергия манбалари — атроф-муҳитда табиий ҳолда қайта тикланувчи қуёш, шамол энергияси, ер ҳарорати (геотермал), сув оқимларининг табиий ҳаракати, биомасса энергияси.

Ҳужжат билан ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, жумладан мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ёқилғи-энергетика балансининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр, иссиқлик энергияси ва биогаз ишлаб чиқаришга доир қисмини диверсификациялашдан иборат.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.

Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан озод этилади.

Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.

Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод этилади.

Энергия етказиб берувчи ташкилот томонидан берилган амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотнома ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган имтиёзларни бериш учун асос бўлади.