«Ўзбекнефтгаз» ва Американинг Air Products and Chemicals компаниялари саноат газларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги келишувни имзолади. Ҳужжат Тошкентда «Ўзбекистон нефть ва гази — OGU-2019» 23-халқаро кўргазмаси ва анжуманида имзоланди, дея хабар қилди «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

Компаниялар ўртасидаги музокаралар 2018 йил августидан давом этиб келмоқда. Қўшма ишчи гуруҳ Ўзбекистон ҳудудида ва қўшни давлатларда водород, кислород, аргон, карбонат ангидрид ва бошқа ноёб саноат газларига бўлган талабни ўрганиб, таҳлил қилди.

Ишчи гуруҳ фаолият якунлари бўйича Ўзбекистонда саноат газларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш билан шуғулланувчи қўшма корхонани ташкил этиш зарурлиги тўғрисида келишувга эришилди.

Келишув мамлакатда саноат газлари бозори инфратузилмаларини шакллантириш ва ксенон, криптон, гелий, аргон ва бошқа бир неча турдаги ноёб газларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга имкон яратади, дейилади хабарда.