Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентини таваллуд куни билан табриклаб, мустаҳкам соғлик ва давлат хизматидаги фаолиятида муваффақият тилади.

Олий даражадаги мунтазам ва самарали мулоқотлар Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг жадал ривожланиши ва изчил мустаҳкамланиб боришига хизмат қилаётгани қайд этилди.

Қосим-Жомарт Тоқаевнинг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган илк давлат ташрифи савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги амалий ҳамкорлик, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш учун кенг имкониятлар очгани алоҳида таъкидланди.

Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Суҳбат сўнгида Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тоқаевга жорий йил 9 июн куни бўлиб ўтадиган Қозоғистон президенти сайлови муваффақиятли ўтишини тилади.