Ёзувчи Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович (тахаллуси — Тоҳир Малик) 16 май куни, 72 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси «Газета.uz"га маълумот берди. У Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Шайх Зайниддин» қабристонига дафн этилади.

Тоҳир Малик 1946 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (2000). Ўзбек фантастикасининг асосчиларидан бири. Тошкент университетининг журналистика факултетини тамомлаган (1969).

Биринчи йирик асари — «Ҳикмат афандининг ўлими» (1972). «Заҳарли ғубор» (1974), «Фалак» (1975), «Сомон йўли элчилари» (1978), «Чорраҳада крлган одамлар» (1982), «Бир кўча, бир кеча» (1983), «Алвидо, болалик» (1989), «Сўнгги ўқ» (1990), «Ов» (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машхур.

«Шайтанат» қиссаси (1-китоб, 1992; 2-китоб, 1995; 3-китоб, 1997; 4-китоб, 2000) ёзувчининг йирик асарларидандир. Асар асосида кўп серияли телефилм яратилган. Рус ёзувчиси Ф. М. Достоевскийнинг «Маъсума» қиссасини, шунингдек, жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган.