АҚШ Экспорт-импорт банкининг кредитлар ва ишбилармонликни ривожлантириш бўйича катта вакили Дуглас Фрай 15−19 май кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонга келади, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига таянган ҳолда.

Ташриф доирасида 16−17 май кунлари Навоийдаги биринчи Ўзбекистон-Америка-Канада бизнес форумида иштирок этади.

Дуглас Фрай Молия, Қишлоқ хўжалиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Асака» ва «Ўзсаноатқурилишбанк» банклари раҳбарлари билан музокаралар ўтказади. Учрашувларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинади.

Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга ташрифи вақтида Миллий банк ва Эксимбанк ўртасида ўзаро англашув меморандумига мувофиқ, Ўзбекистон бозорида фаолият кўрсатаётган Америка компанияларига 100 млн долларгача ҳажмда кредитлар ажратилади.

Ўзбекистон ва АҚШ Эксимбанки 2017 йилнинг сентябрида 13 йиллик танаффусдан сўнг ҳамкорликни қайта тиклаган эди.