Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкентда квартирани доллар эвазига олди-сотти қилаётган икки нафар фуқаронинг қўлга олинганини рад этди.

Аввалроқ интернетда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан икки хонали уйни 25 минг АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтда фуқаролар Р. Т. ва Н. Л.нинг ушлангани тўғрисида хабар берилган эди.

«Расман маълум қиламизки, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан бундай тадбир ўтказилмаган ва ўз-ўзидан фуқаролар Р. Т. ҳамда Н. Л.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177- ва 189-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилмаган», — дейилади баёнотда.

Бош прокуратура жамоатчилик орасида турли нотўғри талқин ва тахминлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида, оммавий ахборот воситаларидан прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор ёки тергов тадбирларини ёритишда фақат Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга таяниш ва ҳавола келтиришни қатъий сўрашини маълум қилди.