Президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни Чилонзор туманида жойлашган «Тошкент» автовокзалида амалга оширилган ишлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 январдаги қарорига мувофиқ, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш, шаҳарлар ва қишлоқларда йўловчилар ташиш тизими яхшиланмоқда.

Жумладан, Чилонзор туманидаги «Тошкент» автовокзали реконструкция қилинди. Бир вақтнинг ўзида 2 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Маҳаллий ва халқаро йўналишларда қатновлар йўлга қўйилди.

Вокзал энг илғор технологиялар билан жиҳозланган. Диспетчерлик хизмати, чиптахона, кутиш зали ва VIP залда йўловчилар учун замонавий шарт-шароитлар яратилган. Меҳмонхона, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари, савдо дўконлари, аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхона, барлар ташкил этилган. 31 та перрон, 80 та автобус учун жой мавжуд.

Бугунги кунда Тошкентдан Янгиер, Зомин, Самарканд, Зарафшон, Каттақўрғон, Хатирчи, Учқудуқ, Термиз, Денов, Бухоро, Қоракўл ва бошқа йўналишлар бўйича кунига 10 дан ортиқ маҳаллий рейслар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, автовокзалдан 12 та халқаро йўналиш бўйича хизмат кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан хорижий давлатларга вақтинчалик ишлаш учун кетаётган фуқароларни манзилларига хавфсиз етказиш мақсадида автобусда ташишга ихтисослаштирилган «Uzautotrans Service» корхонаси ташкил этилди. Корхона парки Хитойнинг «Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.» компаниясида ишлаб чиқарилган 168 та замонавий автобус билан тўлдирилди.

Ушбу автобуслар 53 йўловчига мўлжалланган бўлиб, улар учун максимал даражада қулайлик яратилган. Ўриндиқлар юмшоқ, ҳар бир ўриндиқ тепасида ҳаво дефлектори ва индивидуал ёритиш чироқлари мавжуд. Кондиционер ва мониторлар сафарлар чоғида жуда қўл келади.

Шу ерда йўловчи ташиш тизимидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш механизмлари, халқаро ва шаҳарлараро автобус йўналишлари, автовокзал ҳамда автостанцияларни ривожлантиришга оид режалар тақдимоти ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев ҳар қандай об-ҳаво шароитида йўловчиларга юқори даражада хизмат кўрсатиш, қатновларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, нархларни арзон қилиш, ҳайдовчи ва вокзал хизматчилари малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.